АҚШ: Электрон тўлов тизими 6 миллиард долларни ювганликда айбланмоқда

АҚШ прокурорлари Liberty Reserve электрон тўлов тизимини 6 миллиард доллардан кўпроқ пулни ювганликда айбламоқда.

Сешанба куни қўйилган айбловларга кўра, Коста-Рикада рўйхатдан ўтган ширкат сўнгги етти йил давомида қарийб 55 миллион ноқонуний трансакцияларни амалга оширган.

Liberty Reserve дунё бўйлаб бир миллиондан ортиқ мижозга эгалиги айтилмоқда. Уларнинг 200 мингги АҚШда жойлашган.

АҚШ расмийларига кўра, мазкур электрон тўлов тизими орқали кўплаб жиноий гуруҳлар, жумладан, болалар порнографияси, наркотик моддалар савдоси ва кредит карталарни қалбакилаштириш билан шуғулланувчи гуруҳларга тегишли пуллар ўтказилган.

Электрон тўлов тизимидан ўтказилган пулларнинг бир йиллик ҳажми 1,4 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган.

Айбловлар ширкатга алоқадор етти кишига нисбатан қўйилган ва улардан беш нафари, жумладан, ширкат асосчиси Артур Будовский ҳибсга олинган.

АҚШ прокурорларига кўра, ушбу жиноий иш тарихдаги энг йирик пул ювиш амалиётидир.