Қозоқ мухолифатчисининг хотини ва қизи юртига депортация қилинди

Мухтор Аблазов Қозоғистон расмийлари томонидан ўзига қўйилаётган айбловларни сиёсий сабабга кўра уйдирилган айбловлар, деб ҳисоблайди.

Қозоғистонлик мухолифатчи ва банкир Мухтор Аблазовнинг хотини ва олти ёшли қизи Италияда ушланиб, Қозоғистонга олиб келинган. Бу ҳақда “Қазинформ” давлат ахборот агентлиги хабар қилади.

Хабарга кўра, Аблазовнинг хотини Алма Шалабаева ва қизи Алуа Аблазова Италия расмийлари томонидан мамлакат ҳудудида сохта паспорт билан юрганлари учун қўлга олинган. Уларнинг Қозоғистонга қайтарилишини “Қазинформ” депортация, деб атаган.

Аблазов ўзининг кечаги баёнотида хотини ва қизи Италия ҳудудида қонуний юрганлари қайд этади, уларнинг ушланиб, Қозоғистонга мажбуран олиб келиниши бўйича хатти-ҳаракатларни мухолифатчи эса одам ўғирлаш ва гаровга олиш, деб атайди. Аблазов тарафдорлари Қозоғистон расмийларидан мухолифатчининг хотини ва қизини зудлик билан озод этишни талаб қилмоқда.

Мухтор Аблазов президент Назарбоев режимининг асосий танқидчиларидан бири бўлиб ҳисобланади. Қозоғистон расмийлари Аблазовни ўзи раҳбарлик қилган БТА-банкдан миллиардлаб доллар маблағ ўғирлаганлик ва товламачиликда айблаб, унга қарши Англияда қатор маҳкамаларни уюштирганлар. Аблазов бу айбловларни сиёсий сабабга кўра уйдирилган айбловлар эканини айтади.

2012 йилнинг феврал ойида Лондон Олий суди уни судга ҳурматсизлик кўрсатгани учун 22 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилган. Аблазов шу онда қаерда экани маълум эмас.