Туркиядаги норозилик намойишлари ҳамон давом этмоқда

Туркиянинг Истанбул, Анқара ва бошқа шаҳарларида кўп минг кишилик норозилик намойишлари душанба, тўртинчи куни ҳам давом этди.

Полиция намойишчиларга қарши кўз ёшини оқизувчи газ ва сув пуркагичлар ишлатмоқда.

Мамлакат Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон норозиликлар ортида “экстремист унсурлар” турганини таъкидлади ва турк халқини провокацияга учрамасликка чақирди.

Душанба куни расмий ташриф билан Марокашга учиб кетган Эрдўғон вазиятни тез кунларда тинчланишига умид билдирди.

Туркиянинг НАТО бўйича иттифоқдоши АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари Анқарани босиқликка чақирди.

Норозилик намойишлари ортидан Туркиянинг асосий биржасида душанба куни 10,5 фоизга пасайиш кузатилди.

Туркиядаги норозилик акциялари Истанбулнинг Тақсим майдонига яқин боғда қурилиш ишлари бошлаш учун рухсат берилганига қарши ўтган ҳафта бошланганди.

Намойишчилар Эрдўғон етакчилик қиладиган исломий қарашлардаги Адолат ва тараққиёт партиясини ҳуқуқбузарликда айблаб, ҳукумат истеъфосини талаб қилмоқда.