Бостон Ёнғин хавфсизлиги хизмати раҳбари истеъфо берди

Бостондаги портлаш қурбонлари хотирасига тикилган АҚШ байроқлари.

Бостондаги марафонда содир бўлган портлашдан кейин етарлича чора кўра олмаганликда танқид қилинган Бостон шаҳри Ёнғин хавфсизлиги хизмати раҳбари истеъфо берди.

Стив Абрейра сўнгги кунлар ичида унга нисбатан кучайиб бораётган танқидлар остида ўз вазифасини бажариш имконсиз бўлиб қолганини истеъфо сабаби сифатида келтирди.

Бостон Ёнғин хавфсизлиги хизматининг ўнлаб мулозими ва ишчилари имзо чеккан ҳамда Бостон мэри Том Меринога тақдим қилинган норозилик мактубида Стив Абрейрага ишончсизлик билдирилди.

Шу йилнинг 15 апрелида кетма-кет содир бўлган портлашлар натижасида Бостон марафони финиш чизиғи яқинида бўлган уч киши қурбон бўлган эди. 260 дан ортиқ одам жароҳатланган.

Бу портлашдан сўнг тезкор тарзда етарли чора кўра олмаганлик тўғрисидаги айбловларни Стив Абрейра асоссиз, деб баҳолаган.

Бостон портлашларини уюштирганликда эса чечен миллатига мансуб ака-ука Царнаевлар гумон қилинган.