Гези паркидаги қурилиш бўйича референдум ўтказиш таклиф этилди

Туркияда ҳокимиятдаги Адолат ва тараққиёт партияси Истанбулнинг Гези паркидаги қурилиш ишларини олиб бориш бўйича рефендум ўтказишни таклиф этди.

Паркдаги дарахтлар кесилиши ва ўрнига савдо маркази қурилишига қарши намойишга чиққан норозилар сўнгги икки ҳафтадан бери полиция билан тўқнашиб келмоқда.

Чоршанба куни полиция намойишчиларни Тақсим майдонидан сиқиб чиқариш учун кўздан ёш сиздирувчи газ, сув пуркагич ва резина ўқлардан фойдаланди.

Намойишчилар эса полицияга қарши тош ва "Молотов коктейллари" улоқтирди.

Паркдаги реконструкция режаларига қарши ўлароқ бошланган намойишлар Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғонга қарши ҳаракатга айланди.

Норозилар Эрдўғонни мамлакатда консерватив Ислом қадриятларини ўрнатмоқчи эканини айтиб, уни ошиқча қаттиққўлликда айбламоқда.

Адолат ва тараққиёт партияси вакиллари референдум ўтказиш бўйича илгари сурилган таклифдан сўнг намойишчиларнинг Тақсим майдони ва унинг ёнидаги Гези паркини бўшатишига умид билдирмоқда.

Референдум ўтказиш бўйича таклиф чоршанба куни Эрдўғон намойишчилар вакиллари билан учрашганидан сўнг эълон қилинди.