ҲРУ Россия расмийлари ўзбекларни Қирғизистонга экстрадиция қилмасликка чақирди

ҲРУ “этник ўзбекларга қарши қаратилгани ва уларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани”дан хавотир билдирмоқда.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти Россия расмийларини уч нафар этник ўзбекни Қирғизистонга экстрадиция қилмасликка чақирди. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қирғизистонда бу ўзбекларга жиддий хавф борлигидан огоҳлантирмоқда.

ҲРУ пайшанба куни эълон қилган баёнотда айтилишича, уч нафар ўзбек Қирғизистон томонидан 2010 йил Ўш воқеаларига алоқадорликда айбланиб, қидирувга берилган.

ҲРУ ўз экспертлари хулосаларига таяниб, Ўш воқеалари юзасидан олиб борилаётган терговлар асосан “этник ўзбекларга қарши қаратилгани ва уларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани”дан хавотир билдирмоқда.

ҲРУнинг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Хю Уильямсон “Россия ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга асосан бу шахсларнинг Қирғизистонга жўнатилишига тўсқинлик қилиши керак”, дея баён қилди.

2010 йил июн ойидаги қонли воқеаларда юзлаб одам ўлдирилган ва минглаб одам ўз жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.