АҚШ Беларусга нисбатан санкцияларини узайтирди

АҚШ ҳукумати 13 июн куни етти йил олдин Беларусга нисбатан қўйилган санкцияларни яна бир йилга узайтирди.

Санкциялар 2006 йили ўшандаги президент Жорж Буш тарафидан Беларус президенти Александр Лукашенко, унга яқин бўлган қатор амалдорлар ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан жорий этилган эди.

Оқ Уй баёнотида айтилишича, 2012 йилда Беларус ҳукумати сиёсий мухолифат ва фуқаровий жамият вакиллари ҳамда мустақил ОАВларга нисбатан босимни давом эттирган.

Бундан ташқари, Оқ Уй баёнотида ўтган йилнинг сентябр ойида Беларусда ўтказилган парламент сайловлари халқаро стандартларга жавоб бермаганлиги айтилади.

Санкциялар қўйилган шахсларга АҚШ ҳудудида ўз активларини сақлаш ва америкалик тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиш ман этилади.