Путин ва Кэмерон Сурия масаласини муҳокама қилди

Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон (ч) ва Россия президенти Владимир Путин (ў) 16 июн куни Лондонда ўтказилган матбуот анжумани чоғида.

Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон якшанба куни ўз мамлакати ва Россия, “қарашлардаги фарқлар жуда катта бўлишига қарамасдан”, Суриядаги зиддият юзасидан ихтилофларни бартараф этишга қодир эканини билдирди.

Бу баёнотни Кэмерон Лондонда Россия президенти Владимир Путин билан учрашганидан кейин ўтказилган матбуот анжумани чоғида берди.

Ўз навбатида, Россия президенти Сурияга қурол-аслаҳа етказиб бериш халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ равишда амалга оширилаётганини билдирди ва Суриядаги зиддиятни бартараф этиш бўйича халқаро анжуман ўтказиш ғояси ҳали ҳам долзарб эканини қўшимча қилди.

Москва Сурия президенти Башар Ассад ҳукуматини қўллаб келади, Буюк Британия эса Ассадга қарши курашаётган исёнчилар томонидадир.

Россия ва Буюк Британия лидерларининг учрашуви АҚШ Сурияда кимёвий қурол қўлланилганига оид далилларга эга эканини билдирганидан бир неча кун ўтгач, бўлиб ўтди. Мазкур далиллар Вашингтонга Ассад режими мухолифларига қурол-аслаҳа етказиб бера бошлашга ҳозирлигини билдириш учун асос бўлган.

Путин ва Кэмерон 17-18 июн кунлари Шимолий Ирландияда бўлиб ўтадиган “катта саккизлик” саммити арафасида учрашдилар.