G8 саммити: Обама ва Путин Сурия бўйича сўзлашди

АҚШ президенти Барак Обама ва Россия президенти Владимир Путин Шимолий Ирландияда ўтаётган Катта Саккизлик - G8 саммити доирасида Суриядаги вазият бўйича сўзлашувлар ўтказди.

Сўзлашувлардан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида Владимир Путин Суриядаги тўқнашувларга бархам бериш бўйича айрим қарама-қарши фикрларга қарамасдан томонлар уруш олиб бораётган тарафларни музокаралар столига йиғиш истагида эканини билдирди.

Барак Обама россиялик ҳамкасби сўзларини тасдиқлар экан, Вашингтон ва Москва Сурияда кимёвий қуроллар ишлатилмаслигини таъминлаши кераклигини айтди.

Шу билан бирга, Обама АҚШ ва Россия Сурия бўйича Женевада ўтадиган халқаро анжуманга тайёргарлик кўришни бошлаганини билдирди.

Сўзлашувлар давомида икки давлат раҳбари Эронда ўтган президентлик сайловларини ҳам муҳокама этишди.

Барак Обамага кўра, сўзлашувларда томонлар Ҳасан Руҳоний президентлиги Эрон билан бўлган диалогда ижобий силжишлар олиб келишига ният билдиришди.