Покистонда дафн маросими иштирокчиларига ҳужум уюштирилди

Покистон шимолида худкуш томонидан уюштирилган портлаш чоғида 30 киши ҳалок бўлди. Жон таслим қилганлар орасида Ҳайбар вилояти қонунчилик йиғини депутати Имрон Мўҳманд ҳам бор.

Мазкур воқеа сешанба куни Мардон шаҳрида ўтказилаётган дафн маросими чоғида рўй берди.

Ҳалок бўлган депутат яқинда толиблар билан музокара олиб бориш тарафдори бўлган Таҳрики инсоф партиясига (лидери машҳур крикетчи Имрон Хон) аъзо бўлиб кирганди. Май ойида ўтказилган умумхалқ сайловларидан сўнг партия Ҳайбар вилоятида етакчи позицияни эгаллаб олган.

Полиция вакиллари ҳужум Мўҳманднинг аввал Авами аксилтолибон партияси аъзоси бўлгани билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяптилар.

Маҳаллий толиблар ҳужум юзасидан изоҳ беришдан бош тортганлар.