Афғонистонда толиблар президент саройига ҳужум уюштирди

Афғонистон хавфсизлик кучлари эрталабки ҳужумда иштирок этган жанггариларнинг барчаси ўлдирилганини айтмоқдалар.

Сешанба куни эрталаб Кобулда президент саройига ҳужум қилинди.

Полиция маълумотларига кўра, қарийб бир ярим соат давом этган отишма чоғида бинога ҳужум қилган қуролли гуруҳнинг барча аъзолари ўлдирилган. Бироқ ўлдирилган жанггариларнинг сони аниқ эмас. Шунингдек, хавфсизлик кучлари ходимлари ва бошқа одамлар орасида жабрланганлар бор-йўқлиги ҳам ҳозирча ноаниқ.

Мазкур ҳужум учун масъулиятни толиблар ўз зиммаларига олдилар.

Ҳужум саройга Афғонистон президенти Ҳамид Карзайнинг матбуот анжуманига таклиф қилинмиш журналистлар йиғилаётан пайтда содир этилган. Президент саройидан ташқари, унга қўшни бўлган давлат муассасалари, шу жумладан, Мудофаа вазирлиги биноси яқинида ҳам портлаш ва отишма товушлари эшитилган.