Канадада террор ҳужуми олди олинди

15 апрел куни Бостон марафонида уюштирилган икки портлашда ҳам босим остида пиширувчи ошхона ускуналаридан фойдаланилган эди.

Канада полицияси Ал-Қоида гуруҳига алоқадор террор ҳужумининг олдини олганини маълум қилди.

Полицияга кўра, Виктория шаҳрида миллий байрам куни портлашларни амалга оширмоқчи бўлган икки шахс – аёл ва эркак ҳибсга олинган.

Ҳибсга олинганлар Канада фуқаролари экани ва улар босим остида пиширувчи ошхона ускуналари ёрдамида портлашлар уюштирмоқчи бўлгани айтилмоқда.

Канада полицияси ҳибсга олинганлар “Ал-Қоида мафкурасидан илҳомлангани”ни тахмин қилмоқда.

Виктория шаҳрида режалаштирилган ҳужумлар ва апрел ойида АҚШнинг Бостон шаҳрида юз берган порлташлар ўртасида боғлиқлиқ борлиги ёки йўқлиги ҳозирча аниқ эмас.

Эслатамиз, 15 апрел куни Бостон марафонида уюштирилган икки портлашда ҳам босим остида пиширувчи ошхона ускуналаридан фойдаланилган эди.