ЖЧ-U20: Ўзбекистон чорак финалда Франция билан беллашади

Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Туркияда ўтаётган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати чорак финалида Франция ёшларига қарши майдонга тушади.

Чорак финал учрашуви 6 июл куни Ризе шаҳрида бўлиб ўтади.

2 июл куни ўтган нимчорак финалда ўзбекистонлик ёшлар грециялик тенгқурларини 1:3 ҳисобида мағлуб этишди.

Учрашувдаги голларга Ўзбекистон терма жамоасидан Аббосбек Махсталиев (26), Игор Сергеев (62) ва Сардор Раҳмоновлар муаллифлик қилишди. Греция термасининг ягона голини Константинос Стафилидис (33) киритди.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Франция ёшларига қарши ўтадиган чорак финал ўйинида икки марказий ҳимоячисиз ўйнашга мажбур бўлади.

Ҳимоячилар Сардор Раҳмонов ва Бобур Йўлдошевлар Греция билан учрашувда олган огоҳлантиришлари туфайли кейинги ўйинни ўтказиб юборишади.