Жаҳон ҳамжамияти Мисрдаги воқеаларга муносабат билдирмоқда

Мисрда исломчи президент Муҳаммад Мурсий ҳарбийлар томонидан ағдарилганига жаҳон ҳамжамияти муносабат билдирмоқда.

АҚШ Президенти Барак Обама ҳокимият ҳарбийлар аралашувида алмашганидан “чуқур ташвишда” эканини билдирди ва Вашингтон Мисрда тез орада демократик йўл билан сайланган ҳукумат иқтидорга келишига умид қилишини баён қилди. Обама ўз маъмурияти Мисрга кўрсатиладиган ёрдам масаласини кўриб чиқаётганини қўшимча қилди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун “тинчлик, зўравонликдан тийилиш, мулоқот ва босиқликка” чақирди.

Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича олий комиссари Кэтрин Эштон барча тарафларни “зудлик билан демократик жараёнга қайтишга” чақирди.

Германия Ташқи ишлар вазири Гуидо Ветсервелле ўз мамлакати Мисрдаги вазиятни “яқиндан катта ташвиш билан” кузатаётганини билдирди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги барча мисрликларни “босиқлик ва зўравонликдан тийилишга” чақирди.

Араб давлатларининг аксари Мурсийнинг ҳокимиятдан четлатилишини олқишлади.

Исроил Мисрда рўй берган ҳодисалар борасида муносабат билдиришдан тийилиб турибди.