Мисрда муваққат президент қасамёдга келтирилди

Мисрда ҳарбийлар президент Муҳаммад Мурсийни ҳокимиятдан четлатиши ортидан, пайшанба куни Конституциявий суд раиси Адли Мансур муваққат президент сифатида қасамёдга келтирилди.

Армия қўмондони Абдулфаттоҳ ал-Сиси Миср конституцияси вақтинча бекор қилиниши ва мамлакатда янги президент сайлови ўтказилишини эълон қилди. Чоршанба куни телевидение орқали қилган чиқишида Ал-Сиси Мурсий “халқ талабларига жавоб бера олмади”, дея таъкидлади.

Ўтган тунда миллионлаб мисрлик Мурсийнинг ҳокимиятдан ағдарилганини байрам қилди. Мурсий ва у дохил Мусулмонлар биродарлиги партияси чоршанба кунги ҳодисани “ҳарбий тўнтариш”, дея атамоқда.

Айни пайтда Қоҳира ва бошқа шаҳарларда исломчилар тарафдорлари намойиш ўтказаётган ҳудудлар ҳарбий техника ва қўшинлар тарафидан қуршаб олинган. Шунга қарамай бир нечта шаҳарда тўқнашувлар рўй берди. Исломчилар тарафдорлари полицияга қарата ўт очгани оқибатида камида тўққиз киши ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда.

Мусулмонлар биродарлиги партияси матбуот вакили Мурсий ўзининг 12 ёрдамчиси билан уй қамоғига олинганини маълум қилди.