Мисрдаги тўқнашувларда 30 чоғли одам нобуд бўлди

Мисрда сўнгги кеча-кундузда содир бўлган тартибсизликлар чоғида 30 га яқин киши ҳалок бўлди, ўнлаб одам яраланди.

Давлат телевидениеси маълумотларига кўра, Қоҳирада ҳокимиятдан четлатилган президент Муҳаммад Мурсий тарафдорлари ва мухолифлари ўртасидаги тўқнашувларда 17 киши ҳалок бўлган. Кейинроқ расмийлар Александрияда 12 киши ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилдилар.

Жума куни “Мусулмон биродарлиги” ҳаракатининг ўн минглаб тарафдорлари Мурсийга президентлик ваколатларини қайтариш талаби билан намойишга чиққандилар.

Миср Ички ишлар вазирлиги “Мусулмон биродарлиги” ҳаракати раҳбарининг ўринбосари Ҳайрат аш-Шатер зўравонликка ундашда айбланиб, ҳибсга олинганини хабар қилди.

АҚШ Давлат департаменти Мисрда кеча содир бўлган тўқнашувларни қоралаб, мамлакатдаги барча лидерларни зўравонликнинг олдини олиш учун чоралар кўришга чақирди.

Чоршанба куни Миср президенти Муҳаммад Мурсий ҳарбийлар томонидан ҳокимиятдан четлатиб қўйилганди. Давлатнинг вақтинча раҳбари этиб Миср Конституциявий суди раиси Адли Мансур тайинланган.