Афғонистонда амалга оширилган операцияларда 20дан ортиқ толиб ўлдирилди

Афғонистон расмийларининг маълум қилишича, мамлакат шарқида амалга оширилган амалиёт натижасида 20дан ортиқ Толибон жанггариси ўлдирилган.

Вардак вилоятида ўтказилган йирик ҳарбий амалиёт пайтида Афғонистон миллий армияси аскарлари 16 нафар толибни ўлдиргани ва жанггариларга қарашли қурол-аслаҳа, машиналар ва мотоциклларни мусодара қилгани айтилмоқда.

Вардак вилояти расмийларига кўра, бошқа кичикроқ амалиёт натижасида яна тўрт нафар толиб жанггариси йўқ қилинган.

Қўшни Лағмон вилояти ҳокимлиги вакиллари ҳукумат кучлари билан тўқнашувда икки жанггари ўлдирилганини маълум қилди.

Нангарҳор вилоятидаги назорат пунктларидан бирида рўй берган тўқнашувда афғон хавфсизлик кучларининг ўн ходими ҳалок бўлган.

Афғонистон армияси қўмондони генерал Муҳаммад Шариф Яфталий мамлакат шарқида жангарилар фаоллиги ошаётганини баён қилди.