Ҳуқуқ ҳимоячиси Бобомурод Раззоқов ҳибсга олинди

Бобомурод Раззоқов

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси, 60 яшар Бобомурод Раззоқов 10 июл куни Бухоро вилояти ИИБ томонидан одам савдосида айбланиб, ҳибсга олинди.

Фуқаро Гулшан Каримованинг аризаси асосида ҳуқуқ ҳимоячисига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси (Одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш) билан иш қўзғатилиб, тергов ҳарактлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда “Эзгулик” жамиятининг 10 июл куни тарқатилган пресс-релизида баён этилади.

Бухоро вилояти ИИБ одам савдосига қарши кураш бўлими бошлиғи, подполковник Нуриддин Шомуродов томонидан олиб борилаётган жиноят иши тафсилотларига кўра, ҳуқуқ фаоли гўё муаяйн шахсларнинг Россияга жўнатилишига аралашган.

Терговчи Нуриддин Шомуродов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Бобомурод Раззоқовнинг суриштирув ва тергов даврида ҳимояланиш ҳуқуқи тўла таъминланишини таъкидлади.

“Эзгулик” жамияти баёнотида эса одам савдосидек қалтис айблов Бобомурод Раззоқовнинг касбий фаолияти ва сиёсий қарашлари эвазига уюштирилган провакация экани таъкидланади.