АҚШ Мисрга ҳарбий ёрдам масаласини қайта кўриб чиқмоқда

Пентагон расмийларининг маълум қилишича, АҚШ Президенти Барак Обама Мисрга кўрсатилаётган ёрдам масаласини қайта кўриб чиқишни буюрган.

Чоршанба кунги баёнотда айтилишича, Обаманинг қарорига ўтган ҳафта Мисрда рўй берган ҳодисалар туртки бўлган.

АҚШнинг Миср ҳарбийларига кўрсатадиган ёрдами йилига 1,3 миллиард АҚШ долларига етади. Оқ уй маъмурияти ўтган ҳафта прездент Муҳаммад Мурсийнинг ҳокимиятдан четлатилишини давлат тўнтариши деб аташ керакми, йўқми деган масала бўйича бир тўхтамга келгани йўқ. Агар Мисрдаги воқеалар давлат тўнтариши деб тан олинса, АҚШнинг бу мамлакатга ёрдами тўхтатилиши мумкин.

Миср муваққат ҳукумати собиқ президент Мурсий дохил Мусулмонлар биродарлиги ҳаракатининг етакчиларини душанба кунги тартибсизликларни келтириб чиқарганликда айблаб, ҳибсга олишни буюрди. Душанба куни Мурсий тарафдорлари билан хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувларда 50дан ортиқ одам, асосан норозилар ҳалок бўлган эди.

Мусулмонлар биродарлиги матбуот вакили ҳаракат етакчиси Муҳаммад Бадие ва бошқа вакилларини ҳибсга олиш Мурсийни озод қилишни талаб қилаётган минглаб тарафдори иродасини синдиришга уринишдир, дея баён қилди.