Россия суди марҳум Сергей Магнитскийни айбдор деб топди

Сергей Магнисткий Россияда суд қилинган илк марҳум бўлди.

Москва суди марҳум адвокат, Россия ҳукумати расмийларини фирибгарликда айблаган Сергей Магнисткийни солиқлардан бўйин товлаганликда айбдор, деб топди.

Hermitage Capital инвестицион жамғармасининг адвкоати бўлган Магнисткий 2009 йилда тергов изоляторида калтаклангани ва унга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаганидан кейин вафот этган эди.

Магнисткий Россияда суд қилинган илк марҳум бўлди. У 2008 йилда Россия ҳукумати расмийларини давлат маблағини ўзлаштирганликда айблаши ортидан солиқдан бўйин товлаганлик айби билан ҳибсга олинган эди.

Унинг 11 ой давомида ҳибсда сақлангани ва изоляторда нобуд бўлгани халқаро ҳамжамият тарафидан қораланди. Қўшма Штатлар Магнитскийнинг ўлимига алоқадор расмийларга санкция жорий қилди.

Пайшанба кунги суд маҳкамасида Hermitage Capital жамғармаси раҳбари Уильям Браудер ҳам солиқдан бўйин товлаганликда айбдор, деб топилди.

Прокурор сиртдан суд қилинган Браудерга тўққиз йиллик қамоқ жазоси берилишини сўради.