Собиқ диссидентлар Руминияда йиғилди

Коммунизм давридаги сиёсий маҳбуслар ва собиқ диссидентлар коммунистик диктатура қурбонларига бағишлаб очилган жаҳондаги илк музейнинг 20 йиллигини нишонлаш учун Руминияга келдилар.

Уларнинг учрашуви Сигету-Мармацией шаҳридаги хотира музейида бўлиб ўтди.

Мазкур музей диктатор Чаушеску режими қулаганидан уч ярим йил ўтгач - 1993 йили қаттиқ тартибдаги собиқ қамоқхона биносида очилганди. Бу жойда 200 дан зиёд сиёсатчи, илғор фикрли кишилар, журналистлар ва руҳонийлар тутиб турилган. Бу маҳбусларнинг 50 дан зиёди шу қамоқхонада жон таслим қилган.

Ўз тадқиқот марказига ҳам эга бўлган музейга очилганидан буён миллиондан кўп зиёратчи келган.

1945 йилдан 1989 йилгача умумий ҳисобда 600 мингдан зиёд руминиялик сиёсий сабабларга кўра қамоқхоналарда ўтирган.