АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Мисрга боради

АҚШ Давлат котиби ўринбосари Уильям Бёрнс бугун Қоҳирада Миср етакчилари билан учрашади. Бёрнс Мисрда 3 июл куни президент Муҳаммад Мурсий ҳарбийлар томонидан ағдарилагнидан бери бу мамлакатга сафар қилаётган илк АҚШ мулозими бўлади.

Икки кунлик ташрифи давомида АҚШ расмийсининг Миср ҳарбийлари ва муваққат ҳукумат вакиллари билан учрашиши кутилмоқда.

Бёрнснинг Мурсий дохил Мусулмонлар Биродарлиги ҳаракати вакиллари билан учрашишига оид режалари номаълум қолмоқда. Мусулмонлар Биродарлиги тарафдорлари Мурсийнинг ҳибсдан озод қилиниши ва лавозимига қайтарилишини талаб қилиб, норозиликларни давом эттирмоқда.

Обама маъмурияти Мурсийнинг ҳокимиятдан олинишини “давлат тўнтариши”, дея таснифлашдан тийилиб турибди. Агар Мисрдаги воқеалар “давлат тўнтариши”, дея тан олинса, Вашингтон бу мамлакатга кўрсатилаётган 1 миллиард долларлик ҳарбий ёрдамни тўхтатиши лозим бўлади.