Қозоқ мухолифатчиси Мухтар Аблязов Францияда ҳибсга олинди

Мухтар Аблязов

Қувғиндаги таниқли қозоқ мухолифатчиси ва миллиардер Мухтар Аблязов чоршанба куни Франция ҳукумати тарафидан ҳибсга олинди.

Бу ҳақда маълум қилган мухолифатчи адвокатига кўра, Аблязов Ницца шаҳридаги уйдан “тиш-тирноғигача қуролланган” маҳсус хизматлар тарафидан олиб кетилган.

Авокатнинг айтишича, собиқ банкирга нисбатан экстрадиция аризаси киритилган, бироқ уни айнан қайси мамлакат – Украина, Россия ёки Қозоғистон – киритгани ҳозирча номаълум.

Мухолифатчи ва собиқ банкир Мухтар Аблязов 2009 йилда Қозоғистонни тарк этиб, Буюк Британияда қочқинлик мақомини олган эди.

Аблязов ватанида 5 миллиард доллар маблағни ноқонуний ўзлаштирганликда айбланмоқда.

Мухолифатчининг рафиқаси Алма Шалабаева 6 ёшли қизи билан жорий йилнинг май ойи охирида Италия ҳукумати тарафидан Қозоғистонга депортация қилинган эди.