АҚШ ва Россия вазирлари учрашуви икки томонлама муносабатлар совуқлашган пайтга тўғри келди

Чоршанба куни Оқ уй президент Барак Обама россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан бирга-бир учрашувини бекор қилганини билдирди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Мудофаа вазири Чак Ҳэйглнинг бугун Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Мудофаа вазири Сергей Шойгулар билан учрашиши режалаштирилган. Жума куни Вашингтонда 2+2 форматида ўтадиган музокаралар АҚШ билан Россия ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашаётган пайтга тўғри келмоқда.

Чоршанба куни Оқ уй президент Барак Обама россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан келаси ойга белгиланган бирга-бир учрашувини бекор қилганини билдирди.

Вашингтон билан Москва ўртасидаги муносабатларнинг совуқлашишига бир нечта масала, хусусан, Россиянинг америкалик собиқ разведка ходими Эдвард Сноуденга вақтинча бошпана бериш қарори сабаб бўлди.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ ходими Сноуден Американинг жаҳон бўйлаб амалга оширган кузатув дастурига оид махфий маълумотларни очиқлаган.

Жума кунги музокаралар кун тартибидан Афғонистон, Эрон, Шимолий Корея масалаларидан ташқари, Россия қаршилик қилаётган аксил ракета мудофаа тизимларига оид АҚШ-Европа режалари ҳам ўрин олган.