Мурсий тарафдорлари лагерлари душанба куни тарқатилиши мумкин

Миср расмийларига кўра, душанба куни мамлакат ҳарбий кучлари президент Муҳаммад Мурсийнинг ҳокимиятдан ағдарилишига норозилик билдираётганларга қарши чора кўришни бошлайди.

Исмларини ошкор этишни истамаган расмийларнинг билдиришича, Миср армияси душанба куни Мурсий тарафдорларининг Қоҳирада ташкил этилган иккита лагерини тарқатишга киришади.

Армия ҳаракатлари қонли тўқнашувларга олиб келиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Бир ой аввал армия тарафидан ҳокимиятдан четлатилган Муҳаммад Мурсий тарафдорлари унинг президент курсисига қайтмагунича намойишларни тўхтатмаслигини айтишмоқда.

Армия тарафидан ташкил этилган Миср муваққат ҳукумати намойишчилар лагерлари муқаддас Рамазон ҳайитидан сўнг тарқатилишини маълум қилган эди.

Муҳаммад Мурсий 3 июл куни унга қарши узоқ давом этган намойишлардан сўнг армия тарафидан президентликдан четлатилган эди.

Мурсий тарафдорлари ва ҳукумат ҳарбийлари ўртасидаги тўқнашувларда камида 250 киши ҳалок бўлди.