"Ўздунробита" мулки кредиторларга таклиф қилинади

МТСнинг банкрот деб эълон қилинган Ўзбекистондаги шўъба корхонаси мол-мулки тўғридан-тўғри кредиторларга таклиф қилиниши мумкин.

Бу ҳақда МТСдаги манбага таянган ҳолда “Интерфакс” агентлиги хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, “Ўздунробита” мулкини бир неча маротаба аукционларда сотиш ҳаракати натижа бермаганидан сўнг мана шундай қарор қабул қилинган.
Агар бу ҳаракат ҳам натижа бермаса, у ҳолда “Ўздунробита” мол-мулки давлат ҳисобига ўтказилиши мумкин.

“Ўздунробита” Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари текширувидан сўнг 2013 йилнинг январида банкрот деб эълон қилинган эди. Ўзбекистон давлат тузилмалари “Ўздунробита”га 600 миллион долларлик молиявий эътироз билдирган.