Туркий тилли давлатлар Ўзбекистон ва Туркманистонни ҳам ташкилотга таклиф қилмоқда

Озарбайжоннинг Қабала шаҳрида ўтаётган саммитда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия президентлари учрашмоқда.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши Ўзбекистон ва Туркманистон ҳам бу ташкилотга қўшилишини истайди. Туркия Президенти Абдуллоҳ Гул 16 август куни Озарбайжонда бошланган ташкилот саммитида қилган чиқишида гапирди.

Жума куни Озарбайжоннинг Қабала шаҳрида ўтаётган саммитда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия президентлари учрашмоқда.

Туркия президенти 1992 йилда ташкил топган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг асосий мақсади "6 давлат - бир тил" ғоясини амалга тадбиқ этиш эканини таъкидлади.

Туркий тилли мамлакатлар парламентлараро ассамблеясининг бош котиби Рамил Ҳасанов саммит давомида президентлар ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида эркин савдо зонасини ташкил қилиш масаласини муҳокама қилишларини маълум қилди.

Одатга кўра, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши учрашувида Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари қатнашмайди.

Президент Ислом Каримов 1992 йилда тузилган ташкилот йиғинларига ҳеч қачон қатнашмаган.

Мазкур ташкилот Туркий тилли мамлакатлар маданиятини сақлаб қолиш ва ўзаро сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни кучайтириш мақсадида тузилган.