Қорасувдаги сайловда ўқотар қурол ишга солинди

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Жўрўбай Абдраимовнинг Озодлик қирғиз хизматига маълум қилишича, Қорасув шаҳар кенгашига сайлов чоғида Социал-демократлар партияси ва “Ўнугуу” (Тараққиёт) партияси вакиллари ўртасида жанжал чиққан.

Вазирлик масъули ҳодиса чоғида икки киши жароҳат олганини, улардан бири ўқ егани, иккинчиси пичоқланиб, касалхонага етказилганини айтди.

Жаноб Абдраимовга кўра, ҳозир ҳодиса тафсилотлари ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари томонидан ўрганилмоқда.

Айни пайтда Қирғиз-Ата партияси лидери Тўлўгўн Келдибаевнинг айтишича, социал-демократлар билан жанжаллашган кишилар "Ўнугуу" партиясининг эмас, балки яқинда ташкил этилган “Бир бўл” партияси вакилларидир.

Бугун Қорасувда шаҳар кенгашига муддатидан аввал сайловлар бўлиб ўтаётибди.