Сочи Олимпиадаси машъали очиқ космосга олиб чиқилади

Россиялик космонавтлар шу йилнинг ноябр ойида 2014 йили Сочида бўлиб ўтадиган қишки Олимпиада ўйинлари машъалини Халқаро фазо станциясидан очиқ космосга олиб чиқади.

Роскосмос матбуот котибининг Интерфакс ахборот агентлигига айтишича, очиқ космосга олиб чиқилган машъал келаси йилнинг феврал ойида Сочидаги Олимпиада оловини ёқиш учун ишлатилади.

Космосга олиб чиқиладиган машъалда олов ўрнига махсус электрон ёритгичлар ишлатилиши айтилмоқда.

Олимпиада оловини Россиянинг 2900та қишлоқ ва шаҳарларидан олиб ўтиш режалаштирилган. Бунинг учун 14 минг дона махсус машъал ишлаб чиқилган.

Россия ҳукумати Сочи Олимпиадасини ўтказиш учун 50 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ маблағ сарфламоқда.