Имомали Раҳмон: Гидроиншоотларни қуришда минтақа давлатлари манфаати инобатга олинади

Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭСи Тошкент билан Душанбе ўртасидаги қарама-қаршиликларнинг асосий сабабчисидир.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ўз мамлакатининг гидроиншоотларга доир мунозарали дастурлари тўғрисида муросали баёнот қилди.

Тожикистонга сафар қилаётган Европа Парламенти вакиллари билан учрашувда гапирган президент Раҳмон гидроэлектростанцияларни қуришда “минтақадаги барча давлатлар манфаатлари инобатга олинади”, дея таъкидлади.

Тожикистон ва Қирғизистон йиллардан бери Сирдарё ва Амударё устида гидроиншоотларни қуриш ишларини амалга ошириб келади.

Расмий Тошкент бу лойиҳалар амалга ошса, дарёлар ўзанининг қуйи қисмида жойлашган Ўзбекистонга сув келмай қолиши тўғрисида хавотир билдириб, бу лойиҳаларга қаршилик кўрсатиб келади.

Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭСи Тошкент билан Душанбе ўртасидаги қарама-қаршиликларнинг асосий сабабчисидир.

Душанбе ва Бишкек гидроиншоотлар қурилишида Россиянинг молиявий ва техникавий ёрдамига умид қилиб келади.

Тожикистон ҳукумати 20-22 август кунлари Душанбеда сув заҳираларидан фойдаланиш муаммоларига бағишланган халқаро конференцияга тайёргарлик кўрмоқда. Бу анжуманда Тожикистон ва Қирғизистоннинг гидроэлектростанцияларини қуриш режаларининг муҳокама қилиниши кутилмоқда.