Миср: Мусулмонлар Биродарлигининг юқори лавозимли раҳбари ҳибсга олинди

Муҳаммад Бадий

Миср давлат ахборот агентликлари Мусулмонлар Биродарлиги ташкилотининг юқори лавозимли раҳбарларидан бири ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.

Муҳаммад Бадий сешанба куни эрталаб Қоҳирадаги квартирада хавфсизлик хизматлари тарафидан ҳибсга олингани айтилмоқда.

70 ёшли Бадий Мусулмонлар Биродарлигининг Бош масъули, яъни энг юқори лавозимдаги бошқарув раҳбаридир.

Бадий ва унинг қатор сафдошларига нисбатан июл ойида зўравонликка гижгижлаш айбловлари қўйилган.

Бош масъул ва унинг икки ўринбосари 25 август куни суд олдида ҳозир бўлишлари керак.

Айни дамда БМТ Бош котиби Бан Ки Мун душанба куни Мисрдаги вазиятдан “чуқур ташвишда” эканини билдирди.

Душанба куни Мисрнинг Синай яриморолида рўй берган ҳужум оқибатида камида 24 полициячи ўлдирилгани хабар қилинмоқда.

Аввалроқ эса Қоҳира четида собиқ президент Муҳаммад Мурсий тарафдорларининг ҳибсда бўлган 36 нафари мунозарали вазиятда ҳалок бўлган эди.

Ўтган ҳафта хавфсизлик кучлари билан Мурсий тарафдорлари ўртасидаги тўқнашувларда 900 га яқин одам, жумладан, 100 дан ортиқ ҳарбий ва полициячи ҳалок бўлди.