Россиянинг Узоқ Шарқида сув тошқини туфайли 19 минг киши эвакуация қилинди

Россиянинг Узоқ Шарқ ҳудудида рўй берган йирик сув тошқини оқибатида Амур ва Хабаровск вилоятлари ҳамда Яҳудий автоном областидан 19 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинди.

Хабаровск шаҳрида июл ойи оҳиридан бери сурункали ёққан ёмғир туфайли Амур дарёси сувининг сатҳи тарихий максимумга, яъни 643 сантиметрга етгани айтилмоқда.

Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, Амур вилоятидаги экинларнинг ярмидан кўпи сув тошқинидан зарар кўрган.

Маҳаллий расмийларнинг билдиришича, 500 километр йўл ва бир нечта кўприклар ишдан чиққан.

Айни дамда Амур вилоятидаги 38 та қишлоқ сув тошқини туфайли қамалда қолган.

Мутахассислар Амур дарёси сувининг сатҳи 8 метргача кўтарилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.