Футбол: Афғонистон терма жамоаси Покистонни 3:0 ҳисобида ютди

Футбол бўйича Афғонистон терма жамоаси ўртоқлик ўйинида Покистон терма жамоасини 3:0 ҳисобида енгди.

Бу икки қўшни давлат терма жамоалари ўртасида 35 йилдан ортиқроқ вақтдан бери ўтказилган биринчи ўйиндир.

Озодлик мухбирига кўра, саккиз минг томошабинга мўлжалланган футбол стадионига чипталарнинг ҳаммаси бир соат ичида сотилган.

Битта чипта нархи 2 доллардан 5 долларгача бўлган.

Афғонистон футбол федерацияси бошлиғи Каромиддин Карим сешанба кунги ўйин “Афғонистонда вазият нормаллашаётганига ишора экани”ни урғулади.

Икки давлат терма жамоалари ўртасида 1976 йилда бўлиб ўтган охирги ўйинда Афғонистон жамоаси 1:0 ҳисобида ютган.

Собиқ Совет Иттифоқи қўшинлари Афғонистонга бостириб киргани, фуқаролик уруши, ундан кейин Толибон ҳаракати Афғонистонни бошқарган даврда терма жамоалар ўртасида жавоб ўйини ўтказишга имкон бўлмаган.