ЕИ вазирлари Мисрга ёрдамни камайтириш масаласини муҳокама қилмоқда

Миср ҳарбийлари ҳокимиятдан четлатилган президент Муҳаммад Мурсий тарафдорларининг норозилик чиқишларини қонли бостирганидан сўнг Европа Иттифоқи (ЕИ) Ташқи ишлар вазирлари бу мамлакатга кўрсатилаётган ёрдамни камайтириш масаласини муҳокама қилиш учун Брюсселда йиғилди.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутассадиси Кэтрин Эштон вазирлар йиғилишида Мисрдаги бўҳроннинг энг мақбул сиёсий ечимини илгари суриш муҳокама этилишини билдирди.

Германия Ташқи ишлар вазири Гуидо Вестервелле мақсад “Мисрга қатъий мужда йўллаш экани”ни урғулади.

Мисрнинг энг йирик савдо ҳамкорларидан бири бўлган ЕИ ўтган йили Мисрга қарз ва ёрдам тариқасида 5 миллиард евро ($ 6,7 миллиард) ажратишни ваъда қилган.

ЕИ Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Мисрга қурол-аслаҳа етказиб беришга эмбарго жорий қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилиши кутилмоқда.