Тайланд суди икки эронлик устидан ҳукм чиқарди

Эрон фуқаролари Саид Муродий ва Муҳаммад Харзаий Бангкокда Исроил дипломатларига ҳужум уюштиришга урингаликда айбдор, деб топилди.

Тайланд суди бомба ҳужуми уюштириш фитнасига алоқадорликда айбланган эронлик бир эркакни умрбод қамоқ жазоси, яна бирини 15 йиллик қамоққа ҳукм қилди.

Терговчилар уларни Бангкокда Исроил дипломатларига қарши бомба ҳужумини уюштиришга урингаликда айблаган.

Пайшанба кунги суд ҳукмига кўра, Тайланд полициячисини ўлдирганлик ва портоловчи модда сақлаганликда айбдор, деб топилган Саид Муродий бир умр қамоққа ташланди. Муродий 2012 февралдаги ҳодисада оёғидан ажраган.

Муҳаммад Харзаий портловчи модда сақлаганликда айбдор, деб топилиб, 15 йилга қамоққа ҳукм қилинди. Эрон фуқароларининг иккаласи ҳам ўзларига қўйилган айбловларни тан олмади.

Терговчилар хулосаларига кўра, бомба ҳужумининг амалга ошмай қолганига портловчи мосламанинг тасодифан муддатидан аввал ҳаракатга келгани сабаб бўлган.

Бангкокдаги ҳодиса ўтган йили Грузия ва Ҳиндистонда Исроил дипломатларига қилинган ҳужумлардан кейин рўй берган эди. Исроил бу ҳужумлар ортида Эрон ҳукумати турганини айтган.