Мусулмонлар Биродарлиги яна намойишга чиқмоқчи

Янги намойишлар Мурсий тарафидаги Мусулмонлар Биродарлиги ҳаракати учун синов бўлади, демоқда кузатувчилар.

Мисрнинг ҳокимиятдан четлатилган исломчи президенти Муҳаммад Мурсий тарафдорлари ҳарбийлар ёрдамида иқтидорга келган ҳукуматга қарши намойишларни давом эттиришга чақирмоқда.

Жума куни ўтказилиши режалаштирилган намойишлар Мурсий тарафидаги Мусулмонлар Биродарлиги ҳаракати учун синов бўлади, демоқда кузатувчилар. Шу ой бошроғида Мурсий тарафдорлари уюштирган намойишлар зўравонликларга айланиб кетиб, юзлаб одам ҳалок бўлди ва Мусулмонлар Биродарлигининг кўплаб етакчилари ҳибсга олинди.

Демократик сайлов воситасида сайланган Мурсий 3 июл куни ҳокимиятдан олинганидан бери номаълум жойда ҳибсда қолмоқда.

Пайшанба куни Мурсийнинг салафи, Мисрни 30 йил бошқарган собиқ президент Ҳусни Муборак қамоқдан озод қилинди ва ҳарбий госпиталга ўтказилди.

2011 йил февралида ҳокимиятдан ағдарилган 85 ёшли Муборак бошқа жиноят ишлари доирасида ҳам коррупция ва қотилликда айбланмоқда.