Ироқдаги ҳужумларда 40 киши ҳалок бўлди

Ироқда якшанба куни содир этилган портлашлар чоғида камида 40 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Reuters агентлиги полиция ва тиббиёт муассасаларидаги ўз манбаларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Ичига бомба ўрнатилган икки автомашина ва йўл ёқасига ўрнатилган бомба пойтахт Бағдод ва унинг яқинида портлатилган. Бомбали бошқа бир автомашина Бағдод шимолидан 80 километрча нарида жойлашган Балад шаҳри яқинида портлаган.

Ироқ шимолидаги Нинивея вилоятида номаълум шахслар Бағдоддан Мўсулга кетаётган ҳарбийлар машинасини ўққа тутганлар. Натижада беш аскар ҳалок бўлган. Мазкур вилоятда яна учта қуролли ҳужум амалга оширилган. Бу ҳужумлар чоғида бир ҳарбий ва икки нафар фуқаро нобуд бўлган.