АЭХА Эрон билан навбатдаги музокаралар сентябрда бўлишини билдирди

Атом энергияси халқаро агентлиги (АЭХА) раҳбари Юкия Амано.

Атом энергияси халқаро агентлиги (АЭХА) Теҳроннинг ядровий дастури бўйича Эрон билан музокараларнинг янги давраси 27 сентябрга режаланганини билдирди.

Вена шаҳрида бўлиши режаланган музокаралар Ҳасан Руҳоний Эронга янги президент этиб сайланганидан бери томонлар ўртасидаги биринчи сўзлашувдир.

Руҳоний БМТ Агентлиги ва дунёнинг етакчи давлатлари билан мулоқотда шаффофроқ бўлишни ва камроқ зиддиятга боришни ваъда қилган.

Эрон ва Атом энергияси халқаро агентлиги вакиллари ўртасидаги охирги сўзлашув жорий йил май ойида ўтказилган эди.

Музокарада халқаро экспертларнинг Эрондаги ядровий объектларга киришига рухсат бериш бўйича келишувга эришилмади.

Ғарб давлатлари Эронни яширинча ядровий қурол яратишга уринаётганлигини иддао қилиб келади. Расмий Теҳрон эса бу иддаоларни инкор қилиб келмоқда.