Жоҳар Царнаевнинг яна бир дўстига нисбатан айблов эълон қилинди

Жоҳар Царнаев (ўнгда) дўстлари Азамат Тажаяков (чапда) ва Диас Қарабаевлар билан.

АҚШнинг Бостон шаҳрида 15 апрел куни ўтган марафон пайтидаги портлашни уюштирганликда айбланаётган Жоҳар Царнаевнинг яна бир дўстига нисбатан терговга ёлғон маълумот бериш айби қўйилди.

19 ёшли Робел Филиппос ва яна икки қозоғистонлик талаба Царнаевнинг хонасидан ашёвий далилларни – унинг сумкаси ва компютерини ташқарига ташлаб юборганликда гумонланган эди.

Айбловга кўра, Филиппос терговчилардан ўз ҳаракатларини яширганликда айбланмоқда.

Агар айбдор деб топилса, Филиппос 16 йилгача қамоқ жазосига маҳкум қилиниши мумкин.

Қозоғистонлик талабалар Диас Қарабаев ва Азамат Тажаяковлар ўзларига нисбатан қўйилган айбловларни тан олмади.

Жоҳар Царнаев ва унинг дўстлари Массачусетс университетида таҳсил олиб келишган.

Бостон марафони пайтидаги портлашларда 4 киши ҳалок бўлган, 260 киши яраланган эди.

Портлашларни уюштирганликда гумонланган Темирлан Царнаев полиция билан отишма пайти отиб ўлдирилган, унинг укаси Жоҳар Царнаев эса қўлга олинган эди.

20 ёшли Жоҳар Царнаев ўзининг айбсиз эканини айтган.