АҚШ ва БМТ Ашраф лагеридаги зўравонликни қоралади

АҚШ ва БМТ Ироқдаги эронлик қочқинлар лагерига қилинган ҳужумни қоралаб чиқди.

Эроннинг “Мужоҳидини Халқ” мухолифат гуруҳи ўзининг элликка яқин аъзоси ҳалок бўлмиш ҳужумда Ироқ хавфсизлик кучларини айблаган.

Ироқ расмийлари Ашраф лагерига ҳужум бўйича барча айбловларни рад этмоқда.

АҚШ Давлат департаментининг бу борадаги баёнотида “Айбдор деб тан олинганлар тўла жавобгар бўлишлари лозим”лиги урғуланади.

Айни пайтда БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мазкур зўравонликдан таассуфда эканини айтиб, Ироқ расмийларини Ашраф лагеридаги фожеий воқеалар юзасидан текширув ўтказишга чақирди.

Ашраф лагери Эрон чегараси яқинидаги Дияла вилоятида жойлашган. Унга ўтган асрнинг 80-йилларида асос солинганди. Ўтган йили бу ерда яшаган эронлик қочқинларнинг кўпи Ироқ ҳудудидаги бошқа лагерга кўчирилганди. Ҳозирда Ашраф лагерида “Мужоҳидини Халқ” гуруҳининг юзга яқин аъзоси қолмоқда.

Ўтган йили АҚШ Эрондаги ҳукмрон режимга қарши бўлган бу ташкилотни террорчи ташкилотлар рўйхатида олиб ташлаган.