Вашингтон расмийлари Сенатни Сурияга қарши резолюцияни қабул қилишга чақирмоқда

Жон Керри.

АҚШ Давлат департаменти ва Мудофаа вазирлиги Сенатни Сурияга нисбатан “чекланган ҳарбий аралашув” тўғрисидаги резолюцияни қабул қилишга чақирмоқда.

Мазкур резолюция АҚШ президенти Барак Обама томонидан таклиф қилинган эди. Сешанба куни Сенат қўмитасида чиқиш қилган Давлат котиби Жон Керри “дунё ҳамжамияти АҚШ Сурияда кимёвий қурол қўлланишига қарши” қандай жавоб чораси қўллашини кутаётганини, агар жавоб чораси кўрилмаса, бу ҳолат террорчиларни, Эрон ва Шимолий Кореяни руҳлантириши мумкинлигини айтди.

АҚШ томони 21 август куни Сурия пойтахти Дамашқ атрофида ҳукумат кучлари уюштирган кимёвий ҳужум ортидан 1 400 одам ҳалок бўлганини иддао қилмоқда. Россия ва Хитой эса бу иддаоларни асоссиз деб ҳисобламоқда.