Покистоннинг янги президенти қасамёдга келтирилади

Покистоннинг Президенти Мамнун Ҳусайн.

Покистоннинг янги сайланган президенти Мамнун Ҳусайн бугун қасамёдга келтирилади. Ҳусайнни президент сафатида қасамёдга келтириш маросими душанба куни Исломободдаги президент қароргоҳида ўтказилади.

Ҳусайннинг салафи Осиф Али Зардорийнинг беш йиллик президентлик муддати якшанба куни тугади. У Покистон тарихида демократик сайлов натижасида иқтидорга келган илк президент бўлди. Зардорий 2007 йилда рафиқаси - Покистоннинг собиқ бош вазири Беназир Бҳутто ўлдирилиши ортидан ҳокимият тепасига келган эди.

Покистон парламенти июл ойида Ҳусайнни президент этиб сайлади. Ўтмишда текстил соҳасида йирик тадбиркор бўлган Ҳусайн бош вазир Навоз Шариф бошчилигидаги Навоз-Мусулмон Лигаси партиясининг аъзосидир.

1999 йилда у қисқа вақт давомида Синдҳ вилоятига ҳокимлик қилган. Лекин Ҳусайн мамлакат сиёсий майдонида ва ҳокимият ичида нуфузи анча заифдир.