Навальний овозлар қайта сайланишини талаб қилмоқда

Алексей Навальний натижалар қалбакилаштирганини айтиб, уларни тан олишдан бош тортди.

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний якшанба куни Москва мэри лавозимига ўтказилган сайловда берилган овозларни қайта санашни талаб қилмоқда. Сайлов комиссияси Кремл қўллаб-қувватлаётган амалдаги ҳоким Сергей Собянин сайловда ғалаба қилганини эълон қилди.

Москва шаҳар сайлов комиссияси душанба куни эълон қилган расмий натижаларга кўра, Собянин 51,3 фоиз овоз тўплаган. Навальний учун эса 27,2 фоиз овоз берилган.

Навальний натижалар қалбакилаштирганини айтиб, уларни тан олишдан бош тортди. Унинг иддао қилишича, Собянин 50 фоиздан камроқ овоз тўплаган ва сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилиши шарт.

Якшанба куни ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилган Собянин “сайловлар Москва тарихидаги энг холис ва адолатли бўлгани”ни баён қилди.

Сайлов комиссияси хулосаларига кўра, овоз бериш жараёнида жиддий қонунбузарликлар кузатилмаган. Якшанба кунги овоз беришда сайловчиларнинг 32 фоизи қатнашди.

Душанба куни кечқурун Навальний тарафдорларининг намойиши ўтказилиши кутилмоқда.