Сурия бўҳронига дипломатик ечим топиш уринишлари янгитадан авж олди

Суриянинг кимёвий қуролларини халқаро ҳамжамият назораитига ўтказишга оид БМТ резолюцияси борасида тиғиз димпломатик сўзлашувлар олиб борилмоқда.

Расмий Дамашқ ўз ихтиёридаги кимёвий қуроларни халқаро ҳамжамият назоратига топширишга рози бўлгани АҚШнинг Башар Ассад режимига қарши ҳарбий ҳужум қилиши эҳтимолини камайтирди.

Бироқ Франция БМТ Хавфсизлик кенгашига киритган, Сурия режими ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармаса, “жиддий оқибатларга” юз тутишини кўзда тутувчи резолюция лойиҳасини Россия рад қилди. Москва резолюцияга ўтган ойидаги кимёвий ҳужум учун масъулиятни Сурия ҳукуматига юклашга оид сўзлар киритилишига ҳам қарши чиқмоқда.

Франциянинг Интер радиосига интервью берган Россиянинг Париждаги элчиси бу резолюция лойиҳасини ҳарбий интервенцияга йўл очувчи “тузоқ” дея атади.

Элчи Александр Орлов резолюция лойиҳаси санкциялар эмас, назорат механизмини ўз ичига олиши лозим, “чунки ҳозир ўз ихтиёридаги қуролларни халқаро назоратга топширишга рози бўлиб турган мамлакатга санкция қўллашдан маъни йўқ”, дея таъкидлади.

Сешанба куни АҚШ Президенти Барак Обама Вашингтон ва унинг иттифқочилари кимёвий қуролларни халқаро назоратга топшириш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқишга тайёрлиги, лекин эҳтимолий ҳарбий зарба масаласи кун тартибида қолишини баён қилди.