Сурия: БМТнинг кимёвий қурол бўйича ҳисоботи душанба куни тақдим этилади

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Сурияда кимёвий қурол қўлланилгани бўйича БМТ инспекторлари тарафидан тайёрланган ҳисоботни душанба куни тақдим этади.

Бундан ташқари Бош котиб Бош ассамблеяда ҳам чиқиш қилиши кутилмоқда.

Ҳисобот Сурияда август ойида кимёвий қурол қўлланилгани ҳақидаги хабарларни текшириш учун юборилган БМТ мутахассислари тарафидан тайёрланган.

Кимёвий қурол қўлланишига жавобгарларни аниқлаш БМТ инспекторлари зиммасида бўлмаган.

БМТ Бош котибининг айтишича, душанба куни эълон қилинажак БМТ ҳисоботи Дамашқ шаҳри яқинида 21 август куни кимёвий қурол қўлланилганини тўлиқ тасдиқлайди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров шанба куни БМТ ҳисоботига ўзгартиришлар киритишга қаратилган уринишларни кескин қоралади.

БМТ ҳисоботи Хавфсизлик кенгаши Суриянинг кимёвий қуролларини халқаро назоратга топшириш бўйича Россия ва АҚШ келишувига асосланган резолюцияни муҳокама этаётган бир вақтда эълон қилинмоқда.