Ироқдаги портлашларда ўнлаб киши ҳалок бўлди

Ироқда юз берган портлашлар сериясида камида 46 киши ҳалок бўлди, юздан ортиқ киши жароҳат олди.

Асосан шиалар истиқомат қилувчи ҳудудларда рўй берган портлашларнинг энг каттаси якшанба куни Ҳиллаҳ шаҳрида юз бергани айтилмоқда.

У ерда иккита машинага ўрнатилган бомбалар портлашида камида 19 киши кўз юмган.

Бағдод вилояти кенгашининг раиси Риёд Ал-Ададга нисбатан суиқасд уюштирилгани, бироқ расмий омон қолгани хабар қилинмоқда. Ал-Ададнинг машиналар конвойига уюштирилган ҳужумда 3 киши ҳалок бўлди.

Карбала шаҳрида йўл четида турган машинанинг портлаши натижасида тўрт киши ҳалок бўлди, 25 киши жароҳат олди.

Портлашлар Баҳдод ғарбида, Искандария, Басра, Носирия ва Қут шаҳарларида ҳам юз бергани айтилмоқда.