Франция ва Россия бош дипломатлари Сурия масаласини муҳокама қилди

Франция ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус (ч.) ва Россия ташқи ишлар вазири. Сергей Лавров (ў.)

Франция ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус Сурия масаласи бўйича Москвада россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан музокара ўтказди. Фабиус Россия раҳбариятини тинч аҳолига қарши кимёвий қурол қўллаган Сурия режимига нисбатан қаттиққўлроқ бўлиш лозимлигига ишонтиришга уринди.

Франция БМТ Хавфсизлик кенгашининг бошқа доимий аъзолари – АҚШ ва Буюк Британия билан биргаликда, Башар Ассад режими Женевада эришилган Россия-АҚШ келишувига риоя қилмаган тақдирда, Сурияга четдан қўшин киритишни кўзда тутувчи резолюция қабул қилинишини талаб қилмоқда. Москва ва Вашингтон келишувида Сурияни ўз кимёвий қуролларини БМТ назоратига беришга мажбур қилиш кўзда тутилган.

Вашингтон, Лондон ва Париж БМТнинг Сурияда иш олиб борган экспертлари томонидан жамланмиш гувоҳликлар 21 август куни Дамашқ яқинида ҳукумат кучлари томонидан кимёвий қурол қўлланилганини исботлашига шубҳа қилмайди. Бу нуқтаи назарни Москвада Лоран Фабиус ҳам тасдиқлади.

Фабиус билан музокаралардан кейин франциялик журналистларга интервю берган Россия ташқи ишлар вазири Лавров 21 август куни Дамашқ яқинида Ассад режимини обрўсизлантиришга қаратилган провокация уюштирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида ўз мулоҳазасини билдирди.