Янукович Тимошенкони озодликка чиқариш йўли қидирилаётганини айтамоқда

Юлия Тимошенко 2011 йилда давлат лавозимини суиистеъмол қилганлик айби билан қамоққа олинган.

Украина Президенти Виктор Янукович ўз сиёсий рақиби собиқ бош вазир Юлия Тимошенкони қамоқдан озод қилиш йўлини қидираётганини баён қилди. Лекин, деди жума куни Ялтада гапирган президент, ҳозирда етти йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Тимошенкога амнистия қўллаш масаласи “осон эмас”.

Европа Иттифоқи етакчилари 2011 йилда давлат лавозимини суиистеъмол қилганлик айби билан қамоққа олинган Тимошенкони озод қилиш борасида Янукович ҳукуматига босим ўтказиб келади.

Литва Президенти Далия Грибаускайте жума куни қилган чиқишида расмий Киев Тимошенко масаласини ҳал қилмагунча Европа Иттифоқи Украина билан Ҳамкорлик келишувни имзолмайди, дея баён қилди.

ЕИнинг амалдаги раиси Литва ноябр ойида Вильнюсда Шарқий Ҳамкорлик саммитига мезбонлик қилади. Янукович Тимошенкони муддатидан аввал озод қилиш борасида “ҳа” ёки “йўқ” деб жавоб берганимиз йўқ, дея таъкидлаб, бу масалани суд ҳал қилиши керак, деди.