Кения: Жангарилар қўлга олган савдо маркази хавфсизлик кучлари назоратига ўтди

Кения Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, Найробида исломчи жангарилар тарафидан қўлга олинган савдо маркази мамлакат хавфсизлик кучлари назоратига ўтган.

Вазирликнинг Твиттер ижтимоий тармоғи орқали тарқатган маълумотида савдо марказида гаровга олинганларнинг барчаси озод этилгани айтилади.

Якшанба куни Ал-Қоидага алоқадор Ал-Шабаб номли сомалиялик жангарилар гуруҳи Найроби шаҳридаги савдо марказига ҳужум қилиб, камида 68 кишини ўлдиргани ва ўнлаб кишини гаровга олгани хабар қилинган эди.

Мамлакат хавфсизлик кучлари савдо марказига ҳужум қилган жангарилар билан уч кундан бери курашиб келмоқда.

АҚШ президенти Барак Обама жангариларга қарши курашда Кения ҳукуматини тўлиқ қўллашини маълум қилди.

Ал-Шабаб гуруҳи жангарилари тарафидан ўлдирилганлар орасида Британия, Канада, Хитой, Франция, Ҳиндистон ва Голландия фуқаролари борлиги айтилмоқда.