Руҳоний Эрон билан АҚШ ўртасида кейинги 30 йил ичида илк бор авиақатновни йўлга қўймоқчи

Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний.

Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний мамлакат авиация хизмати расмийларига Эрон билан Қўшма Штатлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновни қайта тиклаш имкониятларини ўрганиб чиқишни буюрди. Икки мамлакат ўртасида 30 йилдан ортиқроқ вақтдан бери парвозлар амалга оширилмайди.

Эрон хабар агентликлари душанба куни президент маслаҳатчиси Акбар Торканга таяниб, Руҳоний муҳожиратда яшаётган эронликларнинг ўз ватанларига келишига “тўсиқларни бартараф” қилиш учун авиақатновни қайта йўлга қўймоқчи, дея хабар қилди.

Руҳоний иқтидорга келганидан бери ғарбга нисбатан муросали баёнотларни қилмоқда. Жумладан ўтган ҳафта Ню Йоркда БМТ Бош ассамблеясида қилган чиқишида ғарб давлатлари билан Эрон ядровий дастурига доир музокараларни қайта бошлашга тайёрлигини билдирди.

Жума куни эса, АҚШ Президенти Барак Обама Руҳоний билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу 1979 йилда икки томон ўртасида дипломатик алоқалар узилганидан бери Вашингтон билан Теҳрон ўртасидаги илк бевосита мулоқот бўлди.